Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қатар Афғонистон кун тартибини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 01.07.2026 · 17:30 · 24 views
Ўзбекистон ва Қатар Афғонистон кун тартибини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Қатар Афғонистон кун тартибини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Қатар Давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди.

Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниб, Афғонистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш нуқтаи назаридан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қатар томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ҳамда Тошкентнинг минтақавий барқарорлик ва тараққиётни илгари суришдаги конструктив роли муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон–Қатар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, минтақавий масалалар бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Афғонистон масалалари бўйича мунтазам ва конструктив мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканлигини тасдиқлади.