Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Полша сенаторлари ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 10.07.2026 · 10:20 · 24 views
Ўзбекистон ва Полша сенаторлари ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Полша сенаторлари ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 8 июль куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамходжаев Польша Сейми депутати, Збигнев Рау билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Збигнев Рау Ўзбекистонга ташрифи доирасида I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этаётганини қайд этиб, нуфузли анжуманнинг юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, форум доирасида парламент аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан ўтказилаётган учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини эътироф этди.

Томонлар парламент дипломатиясини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва туризм соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган амалий таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги дўстона муносабатларни, айниқса парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ўзаро ишонч ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳамда икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқлади.