Ўзбекистон ва Жанубий Корея парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Ташқи ишлар ва бирлашиш қўмитаси раиси Сон Сок Чжун билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида асосий эътибор парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришга қаратилди.
Томонлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва узоқ муддатли стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Уларнинг баҳолашича, ушбу жараёнда мунтазам сиёсий мулоқот ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органларининг фаол ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, парламентнинг тегишли қўмиталари ва парламентлараро гуруҳлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари янги ва истиқболли соҳаларни тартибга солиш бўйича қонун ижодкорлиги тажрибасини кенгроқ алмашиш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Музокараларнинг салмоқли қисми ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига бағишланди. Ўзбекистон ва Корея Республикаси икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Хусусан, томонлар «ақлли шаҳарлар», маҳаллий бошқарувни рақамлаштириш, инфратузилма, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.