Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Иордания парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Иордания парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Иордания парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Арушада Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Вакиллар палатаси Раисининг биринчи ўринбосари Хамис Атие билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, маънавий ва маданий қадриятларнинг яқинлигига асослангани таъкидланди. Учрашув иштирокчиларининг фикрича, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос яратмоқда.

Парламентлараро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил февраль ойида Иордания Сенати Раиси Файсал ал-Файезнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат сенатлари ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши парламентлараро мулоқотни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратгани қайд этилди.

Шу муносабат билан томонлар парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва соҳавий қўмиталар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, қўшма йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга оширишда парламентларнинг кўмагини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув иштирокчилари саноат кооперацияси, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, логистика ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.