Ўзбекистон ва Бразилия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Бразилия савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 12 май куни ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов ҳамда Бразилия Ташқи ишлар вазири Мауро Виейра бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
2025 йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 300 миллион долларни ташкил этган бўлсада, томонлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, авиация ва фармацевтика йўналишларида ўсиш учун улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар. Ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилиши ва С5+1 шаклидаги ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бразилия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини фаол қўллаб-қувватлаётгани ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мазкур учрашув ҳар икки давлатнинг ўзаро шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий ташаббусларни амалга оширишга тайёрлигини кўрсатди.
Ташриф доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида икки давлатнинг 50 дан ортиқ тадбиркорлари иштирокида B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди.
Очиқ мулоқот давомида ишбилармон доира вакиллари истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиб, инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар белгилаб олдилар ҳамда қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш юзасидан қатор келишувларга эришдилар.