Ўзбекистон ва БМТ гиёҳвандлик хавфларига қарши ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва БМТ гиёҳвандлик хавфларига қарши ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Вена шаҳрига ташрифи доирасида БМТ Бош котибининг ўринбосари ҳамда БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг янги тайинланган ижрочи директори Моника Жума билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистоннинг БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан амалга ошираётган ҳамкорлиги, гиёҳвандлик хавфларига қарши курашиш масалалари, шунингдек, 2026 йил апрель ойида бўлиб ўтган ва мазкур трансмиллий таҳдидга қарши курашга бағишланган Самарқанд халқаро форумида ишлаб чиқилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича кейинги қўшма қадамларни муҳокама қилди.
Учрашувда аёллар, болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Саида Мирзиёева Моника Жумага БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича комиссиянинг 35-сессияси доирасида Ўзбекистон томонидан ташкил этилган сайд-ивентни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасида хавфсизлик, адолат ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги шерикликни янада ривожлантиришга тайёр экани тасдиқланди.