Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги халқаро Thermo Fisher Scientific компанияси билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
2026 йил 26 ноябрь куни агентлик директори Абдулла Азизов компания делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегация таркибидан компаниянинг Европа, Яқин Шарқ ва Африканинг ривожланаётган бозорлари, шунингдек, МДҲ мамлакатлари билан ишлашга масъул бўлинмалари вакиллари ўрин олди.
Делегация таркибига Европа, Яқин Шарқ ва Африканинг ривожланаётган бозорлари бўйича катта тижорат директори Хуан Антонио Гарсия Гонсалес (Juan Antonio García González), NSEE минтақаси ва МДҲ мамлакатлари бўйича савдо директори Карин Гримберг (Karin Grimberg), шунингдек, Исроил, МДҲ мамлакатлари, Украина ва Грузияда биологик фанлар соҳасидаги ечимлар бўйича ҳамкорлик каналларини ривожлантиришга масъул катта менежер Ирина Набатчикова (Irina Nabatchikova) кирди.
Музокаралар давомида томонлар лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, клиник тадқиқотлар ўтказиш ва мутахассислар малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Миллий биофармацевтика тадқиқотлари институти негизида референс-лаборатория ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, илмий-тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлаш, технологиялар трансфери ва маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Улар ўзаро англашув меморандуми доирасида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилашга келишиб олди.