Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Германияда бизнесни қўллаб-қувватлаш тажрибасини ўрганмоқда

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 13:00 · 19 views
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Германияда бизнесни қўллаб-қувватлаш тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Германияда бизнесни қўллаб-қувватлаш тажрибасини ўрганмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Германияда ишчи ташриф билан бўлиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес ва давлат ўртасидаги мулоқот механизмларини такомиллаштириш ҳамда касбий таълим соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказмоқда.

Ташриф доирасида Германиянинг энг йирик бизнес уюшмаси ҳисобланган, 79 та ҳудудий палата тармоғи орқали 3 миллиондан ортиқ компания манфаатларини ифодаловчи Германия Савдо-саноат палаталари уюшмаси (DIHK) билан музокаралар бўлиб ўтди. Шунингдек, Германия Иш берувчилар федерацияси (BDA) вакиллари билан учрашувда иш берувчиларнинг ижтимоий-меҳнат сиёсати ва ижтимоий мулоқотдаги иштироки муҳокама қилинди.

Делегация Германия Ҳунармандлар марказий уюшмаси (ZDH) фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур ташкилот 1 миллионга яқин ҳунармандчилик корхоналарини бирлаштириб, ҳар йили дуал таълим тизими асосида 340 мингдан ортиқ ўқувчиларни тайёрлайди. Учрашувда ушбу тажрибанинг айрим элементларини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ташриф давомида делегация Берлин шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Германиядаги ваколатхонаси — Ўзбекистон Савдо уйига ҳам ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Олинган тажриба мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ва замонавий ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.