Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Иқтисод

Ўзбекистон Polskamp B.V. паррандачилик маҳсулотлари импортини чеклади

Дилафруз Ниязова · 10.09.2026 · 10:30 · 22 views
Ўзбекистон Polskamp B.V. паррандачилик маҳсулотлари импортини чеклади
Ўзбекистон Polskamp B.V. паррандачилик маҳсулотлари импортини чеклади / Фото: Ўзбекистон Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Нидерландиянинг Polskamp B.V. компанияси томонидан ишлаб чиқарилган паррандачилик маҳсулотларининг барча турлари импорти вақтинча чекланди. Мазкур чора озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди.

Чеклов жорий этилишига 2026 йил 30 июль куни эълон қилинган Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ем-хашаклар бўйича Европа тезкор огоҳлантириш тизими (RASFF)нинг расмий ахбороти асос бўлди.

RASFF маълумотларига кўра, Polskamp B.V. томонидан ишлаб чиқарилган паррандачилик маҳсулотларида Salmonella Typhimurium патоген микроорганизми аниқланган. У инсонлар ва ҳайвонлар саломатлиги учун хавф туғдиради.

Шу муносабат билан давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида ветеринария назорати кучайтирилади. Мазкур чора Ўзбекистон ҳудудида сальмонелла билан зарарланган бўлиши мумкин бўлган маҳсулотларнинг сотувга чиқарилишининг олдини олишга қаратилган.

Salmonella Typhimurium хавфлиликнинг иккинчи гуруҳига кирувчи инфекция бўлиб, нотифоид сальмонеллёз қўзғатувчиси ҳисобланади. Касаллик ич кетиши ва юқори ҳарорат билан кечиши, оғир ҳолатларда эса сепсисга олиб келиши мумкин.

Бутунжаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH) ҳам сальмонеллани жамоат саломатлиги учун жиддий зооноз хавф туғдирувчи қўзғатувчилар қаторига киритади. Ташкилот бундай инфекциялар тарқалишини доимий назорат қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Polskamp B.V. маҳсулотлари импортига жорий этилган вақтинчалик чеклов корхона маҳсулотларининг хавфсизлиги белгиланган тартибда тасдиқлангунга қадар амал қилади.

Импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига ветеринария ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида амалдаги талабларга қатъий риоя қилиш тавсия этилди.