Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашишда Покистон билан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Тегишли ПҚ-373-сон қарор 2026 йил 14 октябрда қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасидаги 2026 йил 5 февралда Исломобод шаҳрида имзоланган битим тасдиқланди.
Битимни амалга ошириш бўйича миллий мувофиқлаштирувчи орган этиб Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуроллар назорати агентлиги белгиланди.
Келишувларнинг бажарилиши учун масъул ваколатли органлар қаторига ушбу агентлик, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси киритилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилгани тўғрисида Покистон томонига расмий билдиришнома юбориш топширилди.