Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда камситишнинг олдини олиш, меҳнат муносабатларида тенглик ва адолат тамойилларини таъминлаш ҳамда халқаро меҳнат стандартларини миллий амалиётга изчил жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий база босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
Қонун билан Меҳнат кодексига “терисининг ранги” ҳамда “сиёсий қарашлари” каби белгилар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш сифатида баҳоланадиган ҳолатлар ҳисобланишини, шунингдек, меҳнат ва машғулотлар соҳасида шаҳвоний шилқимликка йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, Қонун меҳнат соҳасида барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратиш, ҳар қандай кўринишдаги камситишларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.