Ўзбекистон маданият кунлари Қирғизистонда ўтказилади
Ўзбекистон маданият кунлари Қирғизистонда ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси маданият кунлари 27–28 июль кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилади. Маданий дастурда Ўзбекистон санъат ва маданият соҳасининг 200 га яқин вакили иштирок этади.
Икки кун давомида вилоят аҳолиси ва меҳмонлари таниқли санъаткорлар, мусиқа ва рақс жамоалари иштирокидаги концерт дастурларини томоша қилишлари мумкин.
Иштирокчилар орасида Ўзбекистон халқ артистлари, «Ялла» гуруҳининг бадиий раҳбари Фаррух Закиров, Озодбек Назарбеков, Камолиддин Ўринбоев, Айгул Надирова ва Зулайхо Бойхонова бор.
Шунингдек, «Навбаҳор» ва «Тумор» рақс ансамбллари ҳам ўз чиқишларини намойиш этади. Концерт дастурини Ўзбекистон Давлат симфоник оркестри тўлдиради.
Ташкилотчилар Маданият кунларининг ўтказилиши қирғиз-ўзбек маданий-гуманитар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ижодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда икки мамлакат аҳолисини Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг маданий мероси билан яқиндан таништиришга хизмат қилишини кутмоқда.