Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакат аҳолисини иситиш мавсумида газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга, шунингдек, иситиш ускуналари, мўрилар ва шамоллатиш тизимларининг созлигини текшириб туришга чақирди.
Вазирлик огоҳлантиришича, қўлбола усулда ясалган ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланиш, мўриларни нотўғри улаш ва газ ускуналарини малакасиз мутахассисларга ўрнаттириш ис газидан заҳарланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин.
Айниқса, рангсиз ва ҳидсиз бўлган ис гази катта хавф туғдиради. Шу сабабли унинг мавжудлигини ўз вақтида аниқлаш қийин.
Энергетика вазирлиги хавфсизлик талабларига жавоб берадиган иситиш қурилмаларидан фойдаланишни, газ ускуналарини ўрнатиш ва текшириш ишларини малакали мутахассисларга топширишни тавсия этди. Шунингдек, мўрилар ва тутун чиқариш каналларида тиқилиб қолган жойлар ёки қурум тўпланмаганини мунтазам текшириб туриш зарур.
Вазирлик шамоллатиш тизимининг созлигига эътибор бериш, вентиляция каналларини беркитмаслик ва газ плиталаридан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмасликка ҳам чақирди. Газ ускуналаридан фақат белгиланган мақсадда ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш лозим.
Иситиш қурилмаларида носозлик аниқланганда ёки газ ҳиди сезилганда эҳтиёт чораларини кўриш ва тегишли хизматларга мурожаат қилиш зарур.
Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари орасида бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик бор. Бундай аломатлар пайдо бўлса, зудлик билан тоза ҳавога чиқиш, бошқа одамларни ҳам хавфли ҳудуддан олиб чиқишга ёрдам бериш ва шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.
Энергетика вазирлиги ускуналарни ўз вақтида текшириш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш иситиш мавсумида бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтиришини таъкидлади.