Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг 15 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси Бокуда ўтказилаётган FIFA U-15 World Cup Festival 2026 мусобақасининг гуруҳ босқичида учта ўйиндан иккитасида ғалаба қозонди.
Ўзбекистонлик футболчилар Багама ороллари терма жамоасини 6:1, Қозоғистон терма жамоасини эса 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Гана терма жамоасига қарши баҳсда эса 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон W гуруҳида Қозоғистон, Багама ороллари, Гана, Гуам ва Мьянма терма жамоалари билан бирга иштирок этмоқда. Плей-офф босқичига чиқиш учун Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги ушбу рақибларидан юқорироқ ўринни эгаллаши керак.
Гуруҳ босқичи 24–26 октябрь кунлари ўтказилмоқда. Уч кун давомида ҳар бир жамоа бештадан учрашув ўтказади, айрим кунларда эса иккита ўйинда майдонга тушади.
Мусобақа 22–31 октябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтмоқда. Унда 191 та мамлакатнинг ўсмирлар терма жамоалари иштирок этмоқда. Жамоалар 32 та гуруҳга бўлинган.
Ташкилотчилар ушбу мусобақани тажриба тариқасида ўтказилаётган ва тарихий аҳамиятга эга турнир деб аташмоқда. Бу мазкур ёш тоифасидаги футболчилар учун ушбу форматда ташкил этилган илк жаҳон чемпионатидир.