Ўзбекистон биринчи марта ЖСТнинг божхона бўйича сессиясида иштирок этмоқда

Ўзбекистон биринчи марта ЖСТнинг божхона бўйича сессиясида иштирок этмоқда

Ўзбекистон биринчи марта ЖСТнинг божхона бўйича сессиясида иштирок этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон божхона ташкилотининг Брюсселдаги Бош штаб квартирасида Божхона қиймати бўйича Техник қўмитанинг 62-сессияси ўз ишини бошлади. Жорий йилнинг 20-24 апрель кунлари бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли тадбирда илк бор Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси вакиллари А. Садриддинов ва Д. Рахмоновлар иштирок этишмоқда.

Мазкур сессияда божхона қийматини аниқлашда юзага келаётган муаммолар ҳамда ЖСТнинг Божхона қиймати бўйича Битимини бир хил тартибда қўллаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Хизмат сафари давомида ЖБТ Божхона қиймати бўйича Техник қўмитаси раиси ҳамда ташкилот вакиллари билан ишчи учрашув ўтказилди. Учрашув давомида мамлакатимизда божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди, шунингдек, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Томонлар ЖБТ экспертлари иштирокида, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг якуний босқичлари доирасида, божхона қийматини аниқлашга оид миллий қонунчилик нормаларининг ЖСТ Битими талабларига мувофиқлигини ўрганишга қаратилган диагностик миссия ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар.

Сессия давомида қатор давлатлар вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ташкил этилиб, божхона қиймати йўналишида ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг