Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб IECнинг тўлақонли аъзосига айланади

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 14:00 · 39 views
Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб IECнинг тўлақонли аъзосига айланади

Ўзбекистон 2027 йилдан бошлаб IECнинг тўлақонли аъзосига айланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро электротехника комиссияси (IEC)нинг тегишли қарорига мувофиқ, 2027 йил 1 январдан Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади. Бу ҳақда «Ўзелтехсаноат» уюшмаси хабар берди.

Шунингдек, IEC Бош котиби Филипп Метсгернинг жорий йил август ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ҳам тасдиқланди.

Мазкур мақом Ўзбекистонга электротехника маҳсулотлари учун халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнларида бевосита иштирок этиш, миллий саноат манфаатларини илгари суриш ҳамда халқаро стандартлаштириш бўйича қарорлар қабул қилишда фаол қатнашиш имконини беради.

Аъзоликнинг муҳим афзалликларидан бири халқаро миқёсда тан олинган мувофиқликни баҳолаш тизимлари - IECEE, IECEx, IECQ ва IECRE схемаларига тўлиқ интеграциялашиш ҳисобланади.

Бу маҳаллий синов лабораториялари томонидан берилган сертификат ва синов натижаларининг халқаро миқёсда тан олиниши, электротехника маҳсулотларининг ташқи бозорларга чиқишини янада осонлаштиради.

Мазкур тарихий қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда соҳа ривожи учун хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.