Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Отабек Умаров ЖЧда Ўзбекистон термасини қўллаб-қувватлади

UzDaily таҳририяти · 25.06.2026 · 11:45 · 19 views
Отабек Умаров ЖЧда Ўзбекистон термасини қўллаб-қувватлади

Отабек Умаров ЖЧда Ўзбекистон термасини қўллаб-қувватлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров шу кунларда футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаб чиқди.

Спорт соҳаси вакили таъкидлашича, бундай нуфузли мусобақада иштирок этишнинг ўзиёқ мамлакат футболи учун улкан ва беқиёс тажриба ҳисобланади. Унинг фикрича, бу келажакда халқаро майдонда йирик ғалабаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.

Отабек Умаров миллий терма жамоанинг ҳар бир футболчисидан фахрланишини билдириб, уларнинг жасорати туфайли Ўзбекистон Республикаси байроғи дунёнинг энг нуфузли спорт мусобақасида баланд кўтарилганини, давлат мадҳияси эса бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар олдида янграётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, жаҳон чемпионатига илк бор чиқиш нафақат футбол жамоатчилиги, балки Янги Ўзбекистон спорти тарихидаги энг муҳим ютуқлардан бири сифатида йилномалардан жой олади. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини ҳам тасдиқлайди.

МОҚ раиси биринчи ўринбосари жаҳон чемпионати учрашувларини бевосита стадиондан кузатар экан, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини нафақат юртдошлар, балки кўплаб хорижлик футбол мухлислари ҳам катта қизиқиш билан томоша қилаётганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, жамоанинг ўйини турли мамлакатлар вакилларида ҳам самимий таассурот уйғотмоқда.

Мурожаати якунида Отабек Умаров гуруҳ босқичидаги ҳал қилувчи учрашув арафасида барча мухлисларни Ватан шарафи йўлида бирлашишга, жамоани максимал даражада қўллаб-қувватлашга ва футболчиларга юқори натижаларга эришиш учун ишонч бағишлашга чақирди.