Иқтисод

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 16,3 фоизга камайди

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 16,3 фоизга камайди
Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 16,3 фоизга камайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистонда 24,2 млрд куб метр табиий газ қазиб олинди. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 28,9 млрд куб метрни ташкил этган. Қазиб олиш ҳажми 16,3 фоизга камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси хабар берди.

2024 йилнинг январь–август ойларида 30,1 млрд куб метр газ қазиб олинган.

Газ конденсати ишлаб чиқариш 14,8 фоизга камайиб, 760,5 минг тоннадан 648,3 минг тоннага тушган. 2024 йилнинг январь–август ойларида мазкур кўрсаткич 829,4 минг тоннани ташкил этган.

Нефть қазиб олиш ҳажми 425 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 фоизга камайган. 2025 йилнинг январь–август ойларида 434,5 минг тонна нефть қазиб олинган эди. 2024 йилнинг шу даврида эса 485,1 минг тонна нефть қазиб олинган.

Автомобиль бензини ишлаб чиқариш 4,6 фоизга ошиб, 775,7 минг тоннадан 811,3 минг тоннага етди. 2024 йилнинг январь–август ойларида 898,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган.

Дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 6,1 фоизга ошиб, 786,6 минг тоннадан 834,3 минг тоннага кўпайди. 2024 йилнинг шу даврида мазкур кўрсаткич 711,3 минг тоннани ташкил этган.

Кўмир қазиб олиш 10,2 фоизга камайиб, 4,9 млн тоннадан 4,4 млн тоннага тушди. 2024 йилнинг январь–август ойларида ҳам 4,4 млн тонна кўмир қазиб олинган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.