Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда энтеровирус инфекциялари, жумладан, Коксаки вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда ва назорат остида. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитасининг ахборот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, айни пайтда ушбу инфекцияларнинг тарқалиши билан боғлиқ хавотир уйғотадиган ҳолатлар кузатилмаяпти.
Коксаки вируси энтеровируслар гуруҳига киради ва юқумли касалликни келтириб чиқаради. Бугунги кунга қадар унинг қарийб 30 та тури маълум.
Болаларда касаллик тана ҳароратининг 39–40 °C гача кўтарилиши, лимфа тугунларининг катталашиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш билан кечиши мумкин. Бошқа аломатлар қаторида кучли бош оғриғи, танада тошмалар пайдо бўлиши, оғиз бўшлиғи, тил ва милкларда оғриқли яралар ҳамда пуфакчалар ҳосил бўлиши кузатилади.
Шунингдек, томоқ оғриғи ва овқат ейишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам учраши мумкин.
Энтеровирус инфекциялари ҳаво-томчи йўли, ифлос қўллар ва ўйинчоқлар, шунингдек, умумий идишлар орқали юқади. Беморнинг терисидаги пуфакчалар суюқлиги ва ажралмалари билан бевосита алоқа қилиш орқали ҳам инфекция юқиши мумкин.
Инфекциянинг олдини олиш учун қўмита шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни мунтазам равишда совун билан ювиш ва хавфсиз ичимлик сувини истеъмол қилишни тавсия этди. Шунингдек, санитария-гигиена талабларига амал қилиш зарур.
Идора фуқароларни фақат расмий манбаларда эълон қилинган ишончли маълумотларга таянишга чақирди.