Ўзбекистонда чакана савдо айланмаси 20,7 фоизга ошди
Ўзбекистонда чакана савдо айланмаси 20,7 фоизга ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил январь–май ойларида чакана савдо айланмаси 210 243,1 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ифодада 20,7 фоизга ўсди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, мамлакатда чакана савдо соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони 88 686 тани ташкил этди. Шундан 439 таси йирик корхоналар, 88 247 таси эса кичик бизнес субъектлари ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келади. Йирик корхоналарнинг товар айланмаси 38 880,6 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 125,6 фоизга етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси эса 143 386,8 млрд сўм бўлиб, 18,0 фоизга ўсди.
Ҳудудлар кесимида чакана савдо соҳасида энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида 133,0 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 132,1 фоиз ва Сирдарё вилоятида 127,2 фоиз даражасида қайд этилди. Энг паст ўсиш кўрсаткичлари эса Қашқадарё вилоятида 108,0 фоиз ва Тошкент вилоятида 108,8 фоизни ташкил қилди.
Чакана товар айланмаси таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг устунлиги сақланиб қолмоқда. Уларнинг улуши 2025 йилдаги 82,2 фоиздан 2026 йилда 81,5 фоизни ташкил этди. Айни вақтда йирик ташкилотлар улуши 17,8 фоиздан 18,5 фоизгача ошди.
2026 йил январь–май ойларида улгуржи савдо айланмаси 209 361,2 млрд сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилги 172 044,5 млрд сўмга нисбатан реал ифодада 15,4 фоизга юқори бўлди. 1 июнь ҳолатига кўра, улгуржи савдо соҳасидаги корхоналар сони 55 216 тани ташкил қилди. Уларнинг 452 таси йирик, 54 764 таси эса кичик корхоналар ва микрофирмалардир.
Улгуржи савдо соҳасида йирик корхоналар айланмаси 68 203,2 млрд сўмни ташкил этиб, 28,2 фоизга ўсди. Кичик корхоналар айланмаси эса 141 158,0 млрд сўм бўлиб, 10,1 фоизлик ўсиш қайд этилди. Республика умумий улгуржи савдосида кичик тадбиркорликнинг улуши 67,4 фоизни ташкил қилди.
Ҳудудлар бўйича улгуржи савдода энг юқори ўсиш суръатлари Навоий вилоятида 119,7 фоиз, Фарғона вилоятида 119,7 фоиз ва Қашқадарё вилоятида 118,6 фоиз даражасида кузатилди. Энг паст ўсиш кўрсаткичлари Наманган ва Жиззах вилоятларида қайд этилди ҳамда ҳар икки ҳудудда 106,6 фоизни ташкил қилди.
2026 йил январь–май ойларида умумий овқатланиш корхоналарининг товар айланмаси 94 441,1 млрд сўмга етди ва реал ифодада 11,1 фоизга ўсди. Июнь ойи бошига келиб мазкур соҳада 28 483 та корхона фаолият юритган бўлиб, уларнинг 149 таси йирик, 28 334 таси эса кичик ва микрокорхоналардан иборат. Умумий овқатланиш айланмасининг 75,5 фоизи кичик тадбиркорлик ҳиссасига, 24,5 фоизи эса йирик корхоналар улушига тўғри келади.