Ўзбекистонда 10 июнь куни навбатдаги «Автомобилсиз кун» ўтказилади
Ўзбекистонда 10 июнь куни навбатдаги «Автомобилсиз кун» ўтказилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган умуммиллий «Тоза ҳаво» лойиҳаси доирасида навбатдаги «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади.
Акция Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 25 мартдаги фармонига мувофиқ ташкил этилмоқда. Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ҳар ойда икки марта — 10 ва 25 саналарида «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» тадбирлари ўтказилиши белгиланган.
Белгиланган талабларга мувофиқ, акция ўтказиладиган кунларда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Шу билан бирга, тадбир иш кунига тўғри келган ҳолларда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади.
Ҳокимият вакиллари таъкидлашича, мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жамоат транспорти ва экологик тоза ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш, шунингдек, янада қулай экологик муҳитни шакллантиришга қаратилган.
Акцияни мувофиқлаштириш мақсадида Махсус комиссиянинг алоҳида баённомаси қабул қилинган. Унга мувофиқ, акция кунларида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат транспортидан фойдаланиш хизмат одоби ва хулқ-атвор қоидаларининг бузилиши сифатида баҳоланади. Белгиланган талабларга риоя этмаслик интизомий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, Махсус комиссия транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ваколатига эга. Унинг қарорлари давлат органлари, ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
Акция доирасида аҳолининг экологик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари, жамоатчилик акциялари ва оммавий сайрлар ўтказилиши режалаштирилган.
Давлат органлари, таълим муассасалари ва фуқаролар мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди.