Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари У. Юсупов 6 октябрь куни Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Ёсимаса Уно бошчилигидаги япон делегацияси билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кенжи Хирата ҳам иштирок этди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида бизнес, инфратузилма, тоғ-кон саноати ва геология соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Асосий эътибор геология-қидирув ишлари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорликка қаратилди. Учрашув иштирокчилари тегишли йўналишларга Япония инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, тоғ-кон саноатида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.