Ўзбекистон ва Санкт-Петербург ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Санкт-Петербург ўртасида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Санкт-Петербург шаҳри делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Санкт-Петербург вице-губернатори К.Поляков, шунингдек саноат сиёсати, инновациялар ва ташқи алоқалар соҳалари бўйича масъул ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон томонидан эса Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари в.в.б. С. Абдурахмонов ҳамда тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Музокаралар давомида фармацевтика, саноат ишлаб чиқариши, инфратузилма ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, савдо уйлари ташкил этиш ҳамда учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, қўшма фармацевтика корхонасини ташкил этиш ва Ўзбекистон маҳсулотларини Санкт-Петербург бозорига киритишни кенгайтириш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни тизимли асосда ривожлантириш, доимий мулоқотларни йўлга қўйиш ҳамда жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида фаол иштирок этиш бўйича келишувга эришдилар.