Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Россия қатор ҳужжатларни имзолашди

Беҳзод Ҳожиматов · 06.04.2017 · 12:36 · 320 views
Ўзбекистон ва Россия қатор ҳужжатларни имзолашди
Ўзбекистон ва Россия қатор ҳужжатларни имзолашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Президентимизнинг тарихий аҳамият касб этган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. Ўзбекистон – Россия муносабатларини изчил ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон ва Россия Президентлари олий даражадаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида эришилган 50 дан ортиқ келишувлар, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Россия тараққиётига, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини янада юксалтиришга, давлатларимиз ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди. ЎзА.