Ўзбекистон ва Қатар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қатар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қатар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 20 май куни Тошкент шаҳрида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Қатар давлатининг Ташқи савдо ишлари бўйича давлат вазири Аҳмад бин Муҳаммад Ал-Сайид ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Унда икки давлат раҳбарларининг яқин ва ишончли мулоқоти натижасида Ўзбекистон–Қатар ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, энергетика соҳасида йирик инвестициявий лойиҳалар самарали амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, Қатарнинг “Небрас Повер” компанияси иштирокида Сирдарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 4 133 МВт бўлган замонавий энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Сирдарёда 1 573 МВт ҳамда Сурхондарёда 1 560 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциялари барпо этилмоқда. Шунингдек, Навоий вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станцияси лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Учрашув давомида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳаларни жадаллаштириш, электр тақсимлаш тармоқларини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасининг бошқа йўналишларида янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг