Ўзбекистон ва Озарбайжон товар айирбошлаши 26 баробар ўсди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари IV форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг қарийб 420 та компанияси, ҳудудлар раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов иштирокида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Форумда қайд этилишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 26 баробарга ошган. 2025 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 795 млн долларга етган. Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ва савдо лойиҳаларининг умумий портфели эса 10 млрд доллардан ошган.
Иштирокчилар асосий эътиборни ҳудудлараро ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратди. Устувор йўналишлар сифатида саноат ва хомашёни чуқур қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси, тўқимачилик саноати, туризм, ҳудудларни ривожлантириш, савдо ва логистика белгиланди.
Шунингдек, қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирларини яратиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар маҳсулотларни Европа бозорларига олиб чиқишда Ўрта йўлак салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Форумнинг амалий қисми B2B ва G2B форматларидаги икки томонлама учрашувлар билан давом этди. Ҳудудлар, давлат тузилмалари ва бизнес вакиллари аниқ лойиҳалар ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.
Форум якунида 2026–2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракат режаларини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Эришилган келишувлар икки томонлама ҳужжатларни алмашиш орқали мустаҳкамланди.