Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Корея парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

UzDaily · 17.06.2026 · 17:15 · 27 views
Ўзбекистон ва Корея парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Корея парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Корея Республикаси Миллий Ассамблеясининг Маданият, туризм ва спорт қўмитаси раиси, “Корея–Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Ким Гё Хон билан учрашув ўтказди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва қўмиталар фаолиятини янада кучайтириш, олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, мазкур жараёнда парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Бу борада Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи учрашуви икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Учрашув давомида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси раҳбарларининг бўлажак саммитига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу нуфузли мулоқот платформаси минтақа мамлакатлари билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш ҳамда парламентлараро ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратиши таъкидланди.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган корейс миллати вакилларининг Ўзбекистон ва Корея ўртасида дўстлик ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашдаги муҳим ўрни борлигига эътибор қаратилди. Шу муносабат билан корейс диаспорасининг 90 йиллигига бағишланган музей лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудлараро мулоқотни тизимли ривожлантириш, шунингдек, ёшлар ва парламент аёл аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

UzDaily · 👁 27 views · 17.06.2026 · 17:15