Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг давлат корпорацияси KIND Тошкент халқаро аэропорти яқинида янги шаҳар мажмуасини барпо этишни назарда тутувчи Smart AeroCity лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев KIND президенти Ким Бокхван билан учрашув якунлари бўйича маълум қилди.
Лойиҳа логистика марказлари, ишбилармонлик ҳудудлари ва турар жой мавзеларини қуришни назарда тутади. Томонлар бўлажак мажмуа концепцияси ва уни амалга оширишни бошлаш учун зарур бўлган кейинги қадамларни муҳокама қилди.
Бош режада махсус иқтисодий зона учун камида 100 гектар ер майдони ажратиш таклиф этилмоқда. Ушбу ҳудудда хорижий инвесторлар юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштиришлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон йил охирига қадар лойиҳанинг якуний бош режаси, дастлабки техник-иқтисодий асосланмаси ва амалга ошириш бўйича йўл харитасини олишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши KIND ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокида қўшма инвестиция компаниясини ташкил этиш бўлди. Учрашувда бундай компанияни тузиш таклифи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари KIND компаниясининг Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳасида молиявий инвестор сифатидаги ролини ҳам кўриб чиқди.
Ушбу лойиҳа бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим 2025 йил октябрь ойида имзоланган эди.
Бундан ташқари, томонлар Корея корпорациясининг Tashkent Smart Bio-cluster лойиҳасидаги иштирокини муҳокама қилди. Биотехнология кластери Tashkent Pharma Park ҳудудидаги 60 гектар майдонда жойлаштирилиши режалаштирилган.
Кластернинг техник-иқтисодий асосланмасини ишлаб чиқиш декабрь ойида якунланиши кутилмоқда. Жамшид Хўжаев Жанубий Кореядан бўлган салоҳиятли инвесторлар билан ишлашни ҳозирдан бошлашни таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, KIND компаниясининг Ўзбекистонда минтақавий офис очиш ташаббусини алоҳида олқишлади.
Хўжаевнинг сўзларига кўра, корпорация жамоасининг мамлакатда фаолият юритиши амалдаги лойиҳалар бўйича масалаларни тезроқ ҳал қилиш ва янги ташаббусларни молиялаштиришга тайёрлаш имконини беради.