7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Жанубий Корея илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Жанубий Корея илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жанубий Корея илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Кореянинг илғор ишланмаларини саноатга жорий этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.

Агентлик директори Б. Ҳайдаров Корея Саноат технологиялари институти (KITECH) таркибига кирувчи Корея Миллий камёб металлар институти (KORAM) бош илмий ходими, шунингдек, Корея фан ва технологиялар университети (UST) профессори Bum-Sung Kim билан онлайн учрашув ўтказди.

Томонлар Ўзбекистон саноат корхоналарининг илмий-технологик салоҳиятини ошириш ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини қўллаш имкониятларини кўриб чиқди.

Хусусан, саноат корхоналарида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини (R&D) ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий тадқиқот марказлари ва лабораторияларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қўшма илмий-технологик лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий экспертларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари профессор Bum-Sung Kim номзодини агентлик директорининг илмий-технологик ривожланиш масалалари бўйича хорижий маслаҳатчиси сифатида жалб этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Кутилишича, ҳамкорлик саноат корхоналарининг технологик ривожланишини жадаллаштириш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.