7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Чунцин қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Чунцин қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Чунцин қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитойнинг Чунцин шаҳри қурилиш, шаҳарсозлик ҳамда уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Вазирликда Чунцин шаҳрининг Фан ва технологиялар бошқармаси ҳамда Чунцин университети делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар Ўзбекистон қурилиш соҳасида Хитой тажрибаси ва замонавий технологияларини қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.

Чунцин Хитойнинг энг йирик ва тез ривожланаётган мегаполисларидан бири ҳисобланади. Шаҳар мураккаб рельефли тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, кўприклар, тоннеллар ва баланд бинолар қуриш борасида катта тажрибага эга.

1929 йилда ташкил этилган Чунцин университети қурилиш муҳандислиги, архитектура ва шаҳарсозлик йўналишларидаги Хитойнинг етакчи таълим ва илмий марказларидан бири ҳисобланади.

Музокаралар давомида шаҳарсозликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, қурилиш жараёнларини ташкил этиш, шунингдек, ишлар хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ёш мутахассислар учун тажриба алмашиш ва таълим дастурларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида сейсмик хавфсизлик белгиланди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми сейсмик фаол зоналарда жойлашганини инобатга олган ҳолда, томонлар зилзилабардош биноларни лойиҳалаш меъёрлари бўйича тажриба алмашиш имкониятларини кўриб чиқди.

Шунингдек, кам углеродли ва энергия тежамкор қурилиш, қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш, шаҳарларнинг эски ҳудудларини янгилаш ҳамда ақлли коммунал инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари Чунциннинг муҳандислик стандартларини Ўзбекистоннинг миллий шаҳарсозлик меъёрлари билан таққослаш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Музокаралар кун тартибидан Хитойнинг техник инновацияларини қўллаш, қўшма намойиш лойиҳаларини амалга ошириш ва айрим стандартларни ўзаро тан олиш масалалари ҳам ўрин олди.

Бундан ташқари, Чунцин университети, Ўзбекистоннинг бошқа илмий-тадқиқот муассасалари ва ихтисослашган ташкилотлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашув якунида амалий лойиҳалар асосида ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Кутилишича, ҳамкорлик хавфсиз, сифатли ва энергия тежамкор уй-жойлар қуриш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.