Ўзбекистон ва Гонконг банклари молиявий ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Гонконг банклари молиявий ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида Гонконгга амалга оширилган ташриф доирасида халқаро молиявий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида The Hong Kong Association of Banks — Гонконг банклар ассоциацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Савдо-саноат палатаси аъзолари ҳисобланган — Kapital bank, Octobank, Garant bank, Asia Alliance Bank, Apex Bank, Anor Bank, TBC Bank ва Uzum Bank каби етакчи банклар иштирок этди.
The Hong Kong Association of Banks (HKAB) — 1981 йилда ташкил этилган бўлиб, Гонконг банк секторининг асосий вакиллик органи ҳисобланади, унга ҳудуддаги барча лицензияланган банклар аъзо бўлиши шарт.
Учрашув давомида томонлар банк-молия соҳасини рақамлаштириш, инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар доимий мулоқот платформасини яратиш ва аниқ лойиҳалар бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги молиявий хаб сифатида ривожланишига ва Гонконг инвесторлари учун янги бозорлар очилишига хизмат қилади.