Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳамда наркотиклар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
CADAP ва EU-ACT дастурлари вакиллари иштирокидаги учрашув Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуроллар назорати агентлигида бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик хабар берди.
CADAP 8 дастури доирасида томонлар гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини қамраб олган ҳолда комплекс ёндашув асосида ҳал этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, 2027 йилга мўлжалланган иш режасининг устувор йўналишлари ва соҳавий идораларга техник кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда EU-ACT дастури доирасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2027 йил учун қўшма тадбирлар режасини тайёрлаш, соҳавий органларга техник ёрдам кўрсатиш ва икки дастур фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Наркожиноятчиликнинг замонавий тенденцияларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳамда интернет орқали содир этиладиган жиноятларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ишларини фаоллаштиришни таклиф қилди.
Молиявий оқимларни таҳлил қилиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш, шунингдек, соҳавий идоралар фаолиятини рақамлаштириш ҳам устувор йўналишлар қаторига киритилди.
Бундан ташқари, томонлар наркотиклар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Европа тажрибасини, жумладан, Франция, Испания ва Италия амалиётини ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
Европа наркотиклар агентлиги (EUDA) билан профессионал ҳамкорликни йўлга қўйиш ва таҳлилий маълумотлар алмашинувини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма ишларни аниқ натижаларга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.