Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркиянинг Anadolu компанияси SamAuto корхонасида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда маҳаллий етказиб берувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувни Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров ўтказди. Бу ҳақда идора хабар берди.
Томонлар SamAuto ишлаб чиқаришида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, Ўзбекистон етказиб берувчилари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ва илғор технологияларни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини (R&D) ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув иштирокчилари маҳаллий етказиб берувчилар салоҳиятини ошириш ва саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан биргаликда фойдаланиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Музокаралар давомида давлат харидларида маҳсулотнинг эгалик қилиш умумий қийматини (TCO) ҳисобга оладиган ёндашувни қўллаш масаласи муҳокама қилинди. Бундан ташқари, томонлар маҳаллийлаштириш даражасини баҳолаш масалаларини ҳам кўриб чиқди.
Учрашув иштирокчилари автомобильсозлик, илмий-тадқиқот фаолияти ва давлат харидлари соҳаларида Туркия тажрибасини ўрганиш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, Ўзбекистонга саноат ускуналарини ишлаб чиқарувчи етакчи компанияларни жалб этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.