Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди
Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида Португалия терма жамоасига йирик ҳисобда мағлуб бўлди.
АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган баҳс Европа вакилларининг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ғолиб жамоа сафида Криштиану Роналду 6 ва 39-дақиқаларда гол урган ҳолда дубль қайд этди. Шунингдек, Нуну Мендеш 17-дақиқада, Рафаэл Леау эса 87-дақиқада ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ундан ташқари, учрашувнинг 60-дақиқасида Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Абдувоҳид Нематов ўз дарвозасига гол киритди.
Ушбу ғалабадан сўнг Португалия терма жамоаси ўз ҳисобидаги очколар сонини 4 тага етказиб, К гуруҳида биринчи ўринга кўтарилди. Иккинчи поғонадан 3 очко билан Колумбия жой олган бўлса, учинчи ўринда 1 очкога эга Конго Демократик Республикаси бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса ҳозирча очко жамғармаган ҳолда гуруҳнинг сўнгги поғонасида қолмоқда. Шу билан бирга, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси ўртасидаги иккинчи тур учрашуви 24 июнь кунига ўтар кечаси бўлиб ўтади.
Мазкур гуруҳдаги учинчи ва ҳал қилувчи тур ўйинлари 28 июнь кунига ўтар кечаси ўтказилади. Унда Португалия терма жамоаси Колумбияга қарши майдонга тушса, Ўзбекистон футболчилари Конго Демократик Республикасига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, жорий жаҳон чемпионатига АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилмоқда. Мусобақа тарихда илк бор 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина ҳисобланади. Турнирнинг финал учрашуви 19 июль куни бўлиб ўтади.