Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Гонконг Савдо-саноат палатаси билан меморандум имзолади
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Гонконг Савдо-саноат палатаси билан меморандум имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Гонконгнинг марказий ишбилармонлик ҳудудида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси ҳамда Гонконг Бош савдо палатаси (HKGCC) раҳбарияти ўртасида стратегик учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарияти, Жиззах вилояти ва хусусий банклар вакиллари иштирок этди. Гонконг томонидан эса HKGCC раиси Агнес Чан, InvestHK вакиллари ҳамда йирик бизнес доиралари қатнашди.
Учрашувда “яшил” энергетика, инвестициялар, саноат кооперацияси ва ташқи бозорларга чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жиззах вилоятининг драйвер соҳалари – автомобилсозлик, тўқимачилик ва туризм имкониятлари тақдим этилди.
Вилоятдаги инвестиция портфелининг 90 фоизи Хитой компанияларига тегишли эканлиги ва «Зомин» технопаркининг муваффақиятли тажрибаси Гонконглик ҳамкорларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Музокараларнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Гонконг Бош савдо палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Бу ҳамкорлик нафақат савдо айланмасини ошириш, балки миллий компанияларимизни халқаро даражадаги очиқ акциядорлик жамиятларига айлантириш имконини беради.