Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий суди Халқаро тижорат судларининг доимий форуми (SIFoCC) аъзосига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Аъзолик тўғрисидаги эълон ўзбек делегациясининг Буюк Британияга амалий ташрифи доирасида Лондонда бўлиб ўтди. Делегацияга Олий суд раиси Робахон Маҳмудова ва Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова бошчилик қилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Ўзбекистон Олий судининг тижорат судларини бирлаштирувчи халқаро профессионал майдон — SIFoCC форумига қўшилишига бағишланган маросим бўлди.
Сафар давомида Британия суд тизими вакиллари ҳамда халқаро профессионал ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Хусусан, ўзбек делегацияси SIFoCC бошқарув гуруҳи раиси Ж. Вос ва форумнинг кундалик фаолияти учун масъул судья Р. Ноулз билан музокаралар олиб борди.
Шунингдек, Англия ва Уэльс судлари раҳбари С. Карр, Адолат мактаби раиси Н. Грин ҳамда Халқаро низоларни ҳал этиш маркази ижрочи директори Д. Хикман билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларини муҳокама қилди. Суд тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини ошириш ва судьялар ҳамжамиятининг ролини кучайтириш чоралари диққат марказида бўлди.
Бундан ташқари, ўзбек делегацияси, халқаро ташкилотлар ва Буюк Британиянинг профессионал-ҳуқуқий тузилмалари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда Халқаро маслаҳат ва низоларни ҳал этиш бўлинмаси (IADRU), Халқаро юристлар ассоциацияси (IBA), Тижорат низолари бўйича юристлар форуми (CLF), шунингдек, Англия ва Уэльс адвокатлар кенгаши вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар низоларни ҳал этишнинг муқобил механизмларини ривожлантириш ва уларни қўллаш имкониятларини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди. Халқаро тижорат низоларини самарали тартибга солиш, адвокатура ролини мустаҳкамлаш ва судлар фаолиятига илғор ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташкилотлар вакиллари, шунингдек, ўз фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, тўпланган амалий тажриба ва келгуси режалари ҳақида тақдимотлар ўтказди.
Ташриф дастуридан суд жараёнларини ташкил этиш ва суд ишларини бошқариш, арбитраж ҳамда медиация бўйича семинарлар ҳам ўрин олди. Иштирокчилар суд ишларини юритишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон Олий суди Лондондаги учрашувлар натижаларини миллий суд тизимининг халқаро профессионал мулоқотдаги иштирокини кенгайтириш, хорижий суд-ҳуқуқ институтлари билан тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги қадам сифатида баҳоламоқда.
Бундай алоқалар халқаро тажрибани ўрганиш ва одил судлов сифатини янада ошириш мақсадида миллий суд тизимига энг самарали амалиётларни жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.