Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7–18 сентябрь кунлари Брюсселда Жаҳон Божхона Ташкилотининг (ЖБТ) Уйғунлаштирилган тизим бўйича қўмитасининг 78-сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон вакиллари миллий божхона маъмурияти томонидан таклиф этилган учта масалани тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси хабар берди.
Халқаро тадбирда 70 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этди. Сессия давомида божхона соҳасига оид 92 та масала атрофлича кўриб чиқилди. Улар орасида Ўзбекистон Божхона қўмитаси томонидан илгари сурилган учта масала ҳам бор.
Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Бельгиядаги вакили Л. Атоев Ўзбекистон томонидан киритилган масалаларни халқаро экспертларга тақдим этди ва уларни муҳокама қилишда фаол иштирок этди.
Ўзбекистоннинг сессиядаги иштироки божхона соҳасида мамлакатнинг миллий манфаатларини илгари суриш, товарларни Уйғунлаштирилган тизимга мувофиқ таснифлаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, ЖБТ ва ташкилотга аъзо мамлакатларнинг божхона маъмуриятлари билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Божхона қўмитаси таъкидлашича, Ўзбекистон томонидан Уйғунлаштирилган тизим бўйича халқаро муҳокамалар доирасида аниқ ва амалий таклифларни илгари суриш миллий божхона маъмуриятининг халқаро экспертлик жараёнларидаги иштироки кенгайиб бораётганидан далолат беради.