Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон элчихонаси болаларнинг Россиядан ватанларига қайтишига ёрдам берди

UzDaily · 03.11.2025 · 17:22 · 216 views
Ўзбекистон элчихонаси болаларнинг Россиядан ватанларига қайтишига ёрдам берди

Ўзбекистон элчихонаси болаларнинг Россиядан ватанларига қайтишига ёрдам берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия ҳудудида она-она қаровисиз, назоратсиз ёки оғир ижтимоий аҳволда бўлган бир гуруҳ вояга етмаган болалар Ватанимизга қайтарилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур хайрли ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг Москва шаҳридаги Элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ жонбозлик кўрсатди.

Жумладан, дастлаб ишчи гуруҳ томонидан Санкт-Петербург, Челябинск ва Москва шаҳарларида назоратсиз қолган ёки оғир ижтимоий аҳволда бўлган 16 нафар вояга етмаган бола аниқланиб, Ўзбекистонга қайтарилди.

Шунингдек, Екатеринбург, Волгоград, Уфа, Нижний Новгород, Хакасия, Москва вилояти, Махачқала ва Новосибирск шаҳарларидан 19 нафар ота-она қаровисиз қолган боланинг юртимизга қайтишига ҳам кўмаклашилди.

Вояга етмаган болаларнинг шахсий маълумотларини аниқлаш, уларни Ватанга қайтариш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш ишлари Россия Федерациясининг ваколатли органлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Элчихона ва ҳамкор ташкилотлар томонидан кўрилаётган бундай чора-тадбирлар мамлакатимиз фуқаролари, айниқса вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

UzDaily · 👁 216 views · 03.11.2025 · 17:22