Наманганда янги аэропорт қурилиши жадаллаштирилади
Наманганда янги аэропорт қурилиши жадаллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов 175 миллион АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этилаётган «Наманган» халқаро аэропортининг янги йўловчи терминали қурилиши билан танишди.
Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига амалий ташрифини айнан ушбу янги терминал қурилиши майдонидан бошлаган эди.
Лойиҳага кўра, 2026 йил охирига қадар умумий майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли йўловчи терминали қурилиши якунланиши режалаштирилган. Унинг бир соатлик ўтказиш қуввати 1,2 минг нафар йўловчини, йиллик ўтказиш қуввати эса 3 миллион нафардан ортиқ йўловчини ташкил этади.
Лойиҳа доирасида божхона ва чегара назорати зоналари, бизнес-зал, тиббий пункт ҳамда Duty Free божсиз савдо дўконларини ташкил этиш кўзда тутилган. Терминал фойдаланишга топширилгач, 550 та янги иш ўрни яратилади.
Бундан ташқари, 2027 йилга қадар суткасига 50 тоннагача юк қабул қилиш қувватига эга юк терминалини қуриш режалаштирилган. Бу эса маҳсулотларни дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Қурилиш майдонига ташриф якунлари бўйича Шавкат Абдураззақов масъулларга қурилиш ишлари суръатини жадаллаштириш, бажарилаётган ишлар сифатига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда лойиҳани самарали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.