Наманган ва Кошалин минтақалараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Наманган ва Кошалин минтақалараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кошалин шаҳар ҳокими Томаш Соберай ҳамда унинг ўринбосари Беата Горецка ишчи ташриф билан Наманганга келди.
Кошалин – Польшанинг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, Балтика денгизи яқинида, Польша шимоли-ғарбида жойлашган. Тарихий ва замонавий, денгизга яқин туристик худуд, саноат ва таълим маркази ҳисобланади. Ёғоч ва мебел ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ривожланган.
Делегацияни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қабул қилди.
Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда икки ҳудуд имкониятлари ҳақида маълумотлар алмашилди.
Меҳмонлар Наманганда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро “Гуллар фестивали” ҳақидаги видеороликдан таъсирландилар. 65-юбилей фестивалга Польшадан ҳам сайёҳлар келиши таъкидланди.
Шунингдек, Наманганда саноат ва туризм ривожланиб бораётгани, айниқса, ҳунармандчилик маркази сифатида тарихий аҳамиятга эга Чуст шаҳри Кошалин делегациясида катта қизиқиш уйғотди.
- Биз Наманган вилоятига ташрифимиздан жуда мамнунмиз ва бу биз учун катта фахрдир. Биз айрим корхоналар билан танишдик ва келгусида ҳудудларимиз Наманган ва Чуст билан ҳамкорлик қилади. Биз кичик ва ўрта бизнес вакилларимиз билан Наманганга ҳамда соҳил ҳудудларига бизнес миссия ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Металлургия, шиша ишлаб чиқариш ва дон маҳсулотлари, тиббиёт йўналишларида ҳамкорлик қилиш истагимиз бор. Бу соҳалар бизда - Кошалинда ривожланган ва биз сизларнинг бизнесингиз билан ҳамкорлик қилишни истаймиз, - деди Томаш Соберай.
Польшанинг Кошалин шаҳри делегацияси айни вақтда Чуст туманида бўлиб, мавжуд имкониятлар билан танишмоқда. Ўрганишлар якунига кўра икки ҳудуд ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.