Иқтисод

MPPM ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси ҳамкорликни кенгайтиради

MPPM ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси ҳамкорликни кенгайтиради
MPPM ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси ҳамкорликни кенгайтиради  / Фото: MPPM.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Малайзия бизнес имкониятларини кенгайтириш кенгаши (MPPM) ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ассамблеяси Ўзбекистонда Малайзия компаниялари, мутахассислари ва ташкилотлари учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Меморандум савдо миссиялари ва бизнес-форумларни ташкил этиш, инвестиция ва лойиҳавий фаолият, жумладан, инфратузилма лойиҳалари, шаҳарсозликни ривожлантириш ва «ақлли шаҳарлар» барпо этиш соҳаларида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишлари сифатида ҳалол саноат, таълим ва талабаларнинг академик мобиллиги, исломий молия, шунингдек, туризм ва маданий алмашинув белгиланди.

Доимий мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида томонлар Малайзия ва Ўзбекистонда доимий ваколатхоналар очишни режалаштирмоқда. Ассамблеянинг Малайзиядаги маслаҳатчиси ва вакили этиб доктор Али Шер Моҳамад тайинланди.

MPPM, шунингдек, белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор компаниялар, мутахассислар ва ташкилотларни қўшимча маълумот олиш учун мурожаат қилишга таклиф этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.