Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Марказий банк банклар бўйича шикоят индекси эълон қилди

UzDaily · 22.06.2026 · 15:20 · 23 views
Марказий банк банклар бўйича шикоят индекси эълон қилди

Марказий банк банклар бўйича шикоят индекси эълон қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2026 йил биринчи чораги якунларига кўра жисмоний шахслар томонидан келиб тушган мурожаатлар ва шикоятлар индекси энг юқори бўлган тижорат банклари бўйича расмий статистик маълумотларни эълон қилди. Рўйхатга аҳолидан энг кўп эътироз олган ўнта банк киритилди.

Регулятор томонидан қайд этилишича, мазкур коэффициент муайян банкка келиб тушган шикоятлар улушини унинг умумий мижозлар базасидаги улуши билан таққослаш орқали ҳисобланади. Мониторингга киритилиш учун эса ҳисобот даврида камида 100 та расмий рўйхатга олинган ариза мавжуд бўлиши талаб этилган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, антирейтингда биринчи ўринни 3,34 кўрсаткич билан Бизнесни ривожлантириш банки эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринларда эса мос равишда 3,29 индекс билан Anor Bank ҳамда 3,23 натижа билан Микрокредитбанк жойлашди.

Кейинги ўринларда AVO Bank (2,16), TBC Bank (2,06), Davr Bank (1,85) ва Tenge Bank (1,72) қайд этилган. Десяткага эса Asakabank (1,26), Turon Bank (1,25) ва Agro Bank (1,22) якун ясади.

Марказий банк мутахассислари юқори шикоят кўрсаткичи банкнинг мижозлар базасига нисбатан муаммолар даражасини кўрсатишини таъкидлади. Асосий муаммолар сифатида банк маҳсулотлари ҳақида етарли ахборот берилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда кечикишлар, хизмат сифати пастлиги ҳамда масофавий хизматлар, тўловлар ва кредит операцияларидаги техник узилишлар қайд этилди.

Шунингдек, такрорий шикоятларнинг мавжудлиги айрим банкларда ички муаммоларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар етарли эмаслигини кўрсатиши таъкидланди. Регулятор фикрича, бу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилиш заруратини янада кучайтиради.

Эълон қилинган натижалардан сўнг Марказий банк тижорат банкларига келиб тушаётган шикоятларнинг табиатини чуқур таҳлил қилиш бўйича расмий тавсиялар юборди. Шунингдек, банкларга мижозлар билан ишлаш тартиб-қоидаларини қайта кўриб чиқиш, такрорий шикоятларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш ва хизмат сифатини ошириш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштириш вазифаси юклатилди.

Регулятор алоҳида таъкидлаганидек, мазкур индекс банкларнинг молиявий барқарорлиги, ликвидлиги ёки ишончлилигини баҳолаш воситаси эмас, балки фақат истеъмолчилар билан ўзаро муносабатлар сифати кўрсаткичи сифатида хизмат қилади.

UzDaily · 👁 23 views · 22.06.2026 · 15:20