Малайзиянинг етакчи университетлари билан алоқаларни ўрнатилмоқда
Малайзиянинг етакчи университетлари билан алоқаларни ўрнатилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Малайзиядаги Management and Science University (MSU) халқаро ишлар бўйича вице-президенти Инданг Ариати ҳамда раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашувда вилоят ҳокими барқарор тараққиётга эришишда таълим соҳасининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаб, айниқса, халқаро ҳамкорлик ва академик алоқаларни кенгайтириш муҳим омиллардан бири эканини қайд этди.
Management and Science University —Селангор штати Шоҳ Алам шаҳрида жойлашган Малайзиянинг етакчи хусусий олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, 2001 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда у халқаро талабалар кенг қамровда таҳсил оладиган нуфузли университетлардан саналади. Университетда бизнес ва менежмент, тиббиёт, фармацевтика, ахборот технологиялари, муҳандислик, меҳмонхона ва туризм, таълим ҳамда ижтимоий фанлар йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади. Замонавий кампус, ривожланган инфратузилма ва халқаро талабалар учун қулай шароитлар яратилган.
Шунингдек, университет халқаро рейтингларда ҳам муносиб ўрин эгаллаб, QS World University Rankings 2026 натижаларига кўра дунёдаги ТОП-600 олий таълим муассасалари қаторига кирган.
Музокаралар давомида MSU раҳбарияти Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди. Жумладан, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш, малака ошириш курслари ва илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Делегация аъзолари университетдаги шароитлар билан танишди, хусусан, тиббиёт клиникасидаги имкониятлар катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.