Жиззахда тадбиркорнинг 95 млн сўмлик жаримаси бекор қилинди
Жиззахда тадбиркорнинг 95 млн сўмлик жаримаси бекор қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятилик тадбиркорга озодликдан маҳрум этиш муассасасида бўлган даврида ҳисобланган 95 млн сўмлик 27 та маъмурий жарима Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил аралашувидан сўнг бекор қилинди.
Бизнес-омбудсман матбуот хизмати маълум қилишича, «А.А.» МЧЖ раҳбари С.Б. солиқ органининг уни солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарорлари юзасидан шикоят билан мурожаат қилган.
Текширув давомида аниқланишича, Мирзачўл тумани жиноят ишлари бўйича судининг 2024 йил 24 июлдаги ҳукмига кўра, тадбиркор озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Шунга қарамасдан, у жазони ўтаётган 2024–2025 йиллар давомида Шараф Рашидов тумани солиқ инспекцияси томонидан бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 2-қисми асосида бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, тадбиркорга нисбатан жами 27 та маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Вакил аппаратида таъкидланишича, жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган шахсни ҳисобот тақдим этмаганлик учун жавобгарликка тортиш қонунчилик талабларига зид ҳисобланади. Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки таркиби мавжуд эмаслигига оид нормаларга таяниб, Жиззах вилояти Солиқ бошқармасига тегишли хулосалар юборилган.
Кўриб чиқиш якунларига кўра, солиқ инспекциясининг барча 27 та қарори бекор қилинди ва умумий ҳисобда 95 млн сўмлик жарималар аннулияция қилинди.