Жаҳон банки Ўзбекистон логистикасини модернизация қилишга чақирди
Жаҳон банки Ўзбекистон логистикасини модернизация қилишга чақирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки Ўзбекистонга транспорт харажатларини камайтириш, замонавий омбор майдонлари етишмовчилигини бартараф этиш ҳамда мамлакатнинг хусусий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида логистика соҳасини комплекс модернизация қилишни тавсия этди.
Бу хулосалар Жаҳон банки гуруҳининг «Ўзбекистон хусусий сектори диагностикаси» номли янги ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Хитой ва Европани боғловчи Евроосиё Ўрта йўлаги бўйлаб жойлашган қулай географик ўрни халқаро логистикани ривожлантириш учун катта салоҳият яратади. Халқаро автомобиль юк ташувлари ҳажми 2022 йилда 12,2 миллион тоннага етган бўлиб, прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб 20 миллион тоннагача ошади.
Шу билан бирга, мавжуд инфратузилма ўсиб бораётган талабга ҳозирча тўлиқ жавоб бера олмаяпти. Жаҳон банки баҳосига кўра, Ўзбекистонда логистика харажатлари Евроосиёнинг етакчи транспорт йўлакларига нисбатан 15–25 фоизга юқори. Шунингдек, А тоифадаги омборхоналар етишмовчилиги тахминан 90 фоизни ташкил этади.
Соҳа самарадорлигини ошириш учун Жаҳон банки сертификатланган ташувчилар тизимини жорий этиш, халқаро автомобиль ташувлари учун рухсатномаларни Dozvol тизими орқали тўлиқ рақамлаштириш, шунингдек, омбор инфратузилмасини қуриш учун ер участкалари ва қурилиш рухсатномаларини олишда «ягона дарча» механизмини яратишни тавсия қилди.
Тадқиқот муаллифлари баҳосига кўра, ушбу чораларни амалга ошириш 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва тахминан 110 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради. Бу эса Ўзбекистоннинг Евроосиёдаги асосий транспорт-логистика марказларидан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.