Иқтисод

Жаҳон банки Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар ажратади
Жаҳон банки Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар ажратади / Фото: Жаҳон банки.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки Ўзбекистонга электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун 100 млн долларлик кредит ажратишни маъқуллади. Дастур мамлакат бўйлаб 60 та муҳим подстанцияни янгилашни назарда тутади. Бу электр таъминоти ишончлилигини ошириш, электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини тармоққа интеграция қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Банк баҳоларига кўра, модернизация қилинган объектлар ишга туширилганидан кейинги беш йил давомида дастур қарийб 11 700 та қўшимча сифатли иш ўрни яратилишига кўмаклашади.

Кутилишича, 2031 йилга келиб модернизация қилинган подстанцияларда электр энергиясининг йиллик йўқотишлари 20 000 МВт·соатга камаяди. Бундан ташқари, янгиланган инфратузилма электр тармоғига қайта тикланувчи энергия манбаларининг камида 3,3 ГВт қувватини интеграция қилиш имконини беради. Дастурни амалга ошириш, шунингдек, иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳар йили CO₂ эквивалентида қарийб 23 000 тоннага қисқартиришга ёрдам беради.

«Электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш» дастурининг умумий бюджети 371 млн долларни ташкил этади. 27 октябрь куни маъқулланган Жаҳон банки кредитидан ташқари, молиялаштириш 30 сентябрь куни тасдиқланган Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 200 млн долларлик кредити ва Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратиладиган 71 млн долларни ўз ичига олади.

Икки халқаро молия институти дастурни тўлиқ ўзаро ишонч механизми (Full Mutual Reliance Framework — FMRF) доирасида молиялаштиришда иштирок этмоқда. Ушбу механизм лойиҳани тайёрлаш ва унинг амалга оширилишини назорат қилишда келишилган ёндашувни назарда тутади. Бу маъмурий харажатларни камайтириш ва тартиб-таомилларнинг такрорланишига йўл қўймаслик имконини бериши кутилмоқда.

Дастур Ўзбекистоннинг 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларининг ўрнатилган қувватини 25 ГВтга етказиш режалари фонида амалга оширилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун электр тармоқлари инфратузилмасини модернизация қилиш зарур, чунки унинг катта қисми бир неча ўн йил аввал қурилган. Тармоқларнинг эскиргани ва подстанцияларнинг ортиқча юкланиши электр энергияси йўқотишлари ҳамда аҳоли хонадонлари, корхоналар ва ижтимоий объектларни электр билан таъминлашдаги узилишларга олиб келмоқда.

Дастурнинг ижрочиси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бўлади. Подстанцияларни техник жиҳатдан янгилашдан ташқари, лойиҳа инфратузилмани рақамлаштириш ва компаниянинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашни ҳам назарда тутади.

Жумладан, молиявий бошқарув тизимларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш, экологик ва ижтимоий стандартларга риоя этиш сифатини ошириш, шунингдек, бандлик соҳасида гендер тенглигини таъминлаш режалаштирилган.

«Ишончли электр таъминоти одамларнинг кундалик ҳаёти ва иқтисодий фаолият учун зарур», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.

Унинг сўзларига кўра, ОТБ билан ҳамкорлик Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг кейинги иқтисодий ўсиши учун шароит яратишга ёрдам беради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.