Ipoteka bank OTP Group раҳбари лавозимини тарк этади
Ipoteka bank OTP Group раҳбари лавозимини тарк этадиIpoteka bank OTP Group раҳбари лавозимини тарк этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сандро Ртвеладзе 1 июлдан бошлаб Ipoteka bank OTP Group бошқаруви раиси лавозимидаги фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
Банк таъкидлашича, молия институти 2023 йил ёзида Венгриянинг OTP Group томонидан сотиб олиш битими якунланганидан кейин сўнгги йилларда кенг кўламли трансформация жараёнидан ўтган.
Ipoteka bank OTP Group маълум қилишича, Ртвеладзе тайинланган вақтда банк асосан ипотека активлари улуши юқори бўлган давлат молия институти сифатида фаолият юритган. Унинг раҳбарлиги даврида асосий бизнес-жараёнлар қайта кўриб чиқилган, капитал базаси мустаҳкамланган, активлар сифати яхшиланган ва рентабеллик тикланган.
Хабарда айтилишича, амалга оширилган ўзгаришлар барқарор бизнес моделини шакллантириш ва банк фаолиятини рискларни бошқариш, операцион самарадорлик ҳамда даромадлилик соҳаларида OTP Group стандартларига мувофиқлаштириш имконини берган.
Шунингдек, ушбу даврда янги бошқарув жамоаси шакллантирилган ва банкнинг кейинги барқарор ўсишини таъминлаши кутилган операцион модель йўлга қўйилган.
Ipoteka bank OTP Group кузатув кенгаши раиси ва OTP Group бош директорининг ўринбосари Ласло Вольф Сандро Ртвеладзе икки йил ичида банкнинг комплекс трансформациясини амалга ошириб, уни халқаро банк гуруҳи таркибида янада ривожлантириш учун асос ярата олганини таъкидлади.
Ртвеладзенинг ўзи эса OTP Group раҳбариятига ишонч ва ўзгаришлар даврида банкка раҳбарлик қилиш имконияти учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у эришилган натижаларда банк жамоасининг ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Сандро Ртвеладзе Ipoteka bank’га 2023 йил сентябрда раҳбар этиб тайинланган. Бунга қадар у Россиядаги OTP Bank бош директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган, Ўзбекистондаги TBC Bank’га раҳбарлик қилган, шунингдек Африканинг қатор давлатларида чакана банк хизмати соҳасида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.