Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

ИЛМА ва Буюк Британия капитал бозорини ривожлантиришни муҳокама қилишди

UzDaily · 18.06.2026 · 21:35 · 30 views
ИЛМА ва Буюк Британия капитал бозорини ривожлантиришни муҳокама қилишди

ИЛМА ва Буюк Британия капитал бозорини ривожлантиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқотни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.

Британия делегациясига Буюк Британиянинг инвестициялар бўйича вазири лорд Жейсон Стоквуд бошчилик қилди. Делегация таркибидан, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт, Буюк Британия Ҳукуматининг Инвестициялар бўйича бошқармаси вакили, шунингдек, Лондон фонд биржаси вакиллари Крис МакГахан ва Аюна Нечаева ўрин олди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш, ўзбек компанияларининг IPO жараёнларини Британия томонидан қўллаб-қувватлаш, миллий биржа инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда халқаро депозитарий Euroclear билан интеграция қилиш ишларини ўз ичига олган иккиламчи листинг механизмини шакллантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, крипто-активлар айланмасини тартибга солиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Британия томони Ўзбекистон крипто-активлар айланмаси соҳасида тўлиқ ҳуқуқий тартибга солиш тизимини шакллантирган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири эканлигини таъкидлаб, мазкур йўналишда ҳамкорликни янада кенгайтиришни таклиф қилди.

Томонлар, шунингдек, капитал бозорини тартибга солиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, келгусидаги битимлар ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқ, консалтинг ва капитал бозори соҳаларида Британия экспертизасини жалб этиш учун Буюк Британиянинг Молиявий хулқ-атворни тартибга солиш ва назорат қилиш бошқармаси (FCA) каби регуляторлари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар Агентлик ва Буюк Британиянинг етакчи молиявий институтлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга ўзаро қизиқиш мавжудлигини тасдиқладилар.

UzDaily · 👁 30 views · 18.06.2026 · 21:35