Henkel Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ўрганмоқда
Henkel Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 19 май куни Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Германиянинг Henkel AG & Co. компанияси вакили ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Агентлик директори мамлакатимизда тиббиёт, фармацевтика ва косметика соҳаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, “Bio Pharma City” (Tashkent Pharma Park) фармацевтика кластери доирасида шакллантирилаётган биофармацевтика ва косметика экотизими, эркин иқтисодий зона имкониятлари, маҳаллийлаштириш жараёнлари ҳамда халқаро инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Компания вакили Ўзбекистон бозорининг юқори салоҳиятга эга эканлигини таъкидлаб, косметика, шахсий парвариш воситалари ва маиший кимё маҳсулотлари соҳасида маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил этиш, таъминот занжирини ривожлантириш ҳамда минтақавий экспорт имкониятлари юзасидан қизиқиш билдирди.
Шунингдек, учрашувда “Bio Pharma City” (Tashkent Pharma Park) фармацевтика кластери ҳудудида косметика ва тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва таълим йўналишларида ҳамкорлик қилиш, экологик стандартлар ҳамда барқарор ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар косметика, фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, маҳаллийлаштириш ва инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш, шунингдек, техник даражадаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.