Гулистонда ҳокимлик ходими пора олаётганда ушланди
Гулистонда ҳокимлик ходими пора олаётганда ушланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилоятида ер ресурсларини ноқонуний тақсимлаш билан боғлиқ коррупция ҳолатига чек қўйилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган қўшма тезкор тадбир давомида Гулистон шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими пул маблағларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Тергов маълумотларига кўра, шаҳар маъмурияти вакили ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб, озиқ-овқат дўкони очишни режалаштираётган маҳаллий тадбиркорнинг ишончига кирган.
Мансабдор шахс давлат захирасидаги икки сотих ер майдонини ўзининг мансабдор доиралардаги танишлари орқали тадбиркорлик объекти учун ажратиб беришда ёрдам кўрсатишни ваъда қилган. Ушбу хизмат эвазига ҳокимлик ходими фуқародан 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган.
Талаб қилинган маблағнинг бир қисми сифатида гумонланувчи тадбиркордан Lacetti русумли енгил автомобилни қабул қилиб олган.
Транспорт воситаси мансабдор томонидан олдиндан 12 минг АҚШ долларига баҳоланган ва уни бошқариш ҳуқуқи билан ишончнома асосида ўз номига расмийлаштирилган.
Қонунбузарнинг бевосита ушланиши навбатдаги 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини қабул қилиш вақтида амалга оширилган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилди. Ушланган ҳокимлик ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.